Пойтахтимизда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларнинг ветеринария соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари бўйича Хукуматлараро кенгашининг 42-йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоконференция шаклида ўтказилган мазкур тадбирда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов МДҲ давлатларининг ветеринария соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Хукуматлараро кенгашига раис этиб сайланди. Б.Норқобилов 2020-2021 йиллар давомида Кенгашга раҳбарлик қилади.

Видеоконференцияда ҳайвонларнинг қутуриш, оқсил ва паррандаларнинг грипп касалликларига қарши кураш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар атрофлича муҳокама қилинди.

Видеоконференция очилиш маросимида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов барча иштирокчиларни қутларкан, ушбу анжуман МДҲнинг ушбу соҳадаги ишлари самарадорлигини таъминлаш ҳамда келгусидаги устувор йўналишларни белгилаб олишда долзарб аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

Шу билан бирга МДҲга аъзо давлатларнинг ветеринария соҳасидаги самарали ҳамкорлиги, барча минтақаларда ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш, касалликларга қарши курашиш чоралари ҳамда соҳага янги инновацион лойиҳаларни кенг жорий этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Айни пайтда Ўзбекистон касалликлардан ҳоли худуд мақомига эга бўлиш мақсадида Халқаро ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш ташкилоти (OIE)га ўзининг тегишли назорат дастурини тақдим этганлиги қайд этилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизда ветеринария, чорвачилик ва наслчилик соҳалари тубдан ислоҳ қилиниб, тармоқнинг ривожланиши янги босқичга қадам қўйди.

Айни пайтда минтақада эпизоотик барқарорликни таъминлаш билан бирга, чорвачилик маҳсулотлари, шу жумладан гўшт ва сут ишлаб чиқариш, қорамоллар наслини яхшилаш ва маҳсулдорлигини ошириш бўйича замонавий ёндашувлар амалиётга жорий этилмоқда.

Янгиликларга Обуна

Банк курси

Об-ҳаво гурлан